Бош прокуратура 2 йилда қанча бюджет маблағи талон-торож қилинганини маълум қилди
Бош прокуратура кейинги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида республика бўйича қанча бюджет маблағи талон-торож қилинганини маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА
Хабарга кўра, коррупцияга барҳам бериш, қонун устуворлиги ва жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ҳисоб палатаси томонидан республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилган.
Шунингдек, прокурорлар томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида 452 объектда текшириш ўтказилган.
Қайд этилишича, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 46 тақдимнома киритилган. 337 нафар шахс маъмурий ва 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Президентнинг топшириғига асосан, 1 минг 379 янги объектнинг лойиҳа ҳужжати қайта кўриб чиқилганда дастлабки қийматга нисбатан 1,5 триллион сўм ёки 22 фоиз харажатлар ортиқча ва асоссиз киритилгани аниқланиб, қисқартирилган.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан бугунги кунда жами 82 объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текшириш ўтказилиб, 66 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчилик мавжудлиги аниқланган.
Шу билан бирга, 23 миллиард сўмлик 21 объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган.
Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111 жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинди ва айни пайтга келиб 24 жиноят иши суд муҳокамасига юборилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 миллиард сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланиб, унинг 47,6 миллиард сўми ундирилган.
Етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳолатни қатъий назоратга олган.