Бухорода қанча фуқаро ўзини ўзи банд қилганлиги маълум қилинди

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистонда 6 август ҳолатига кўра, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 219 931 нафарга етганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Бухоро вилоятида 22 599 киши ўзини ўзи иш билан таъминлаган.

Маълумотларга кўра, ўзини ўзи банд қилганлар учун мавжуд 67 турдаги фаолият туридан маиший хизматлар соҳаси (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) энг талабгир бўлиб турибди. Яни 60 684 нафар шахс Ўзбекистон бўйича ўзини ўзи банд қилган.

Шунингдек, ахборот-коммуникация йўналиши (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) бўйича эса республика бўйлаб 3546 нафар шахс хизмат кўрсатмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилишни рўйхатга олиш — мустақил ишловчиларни расман рўйхатдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Ўзини ўзи банд қилган шахс 67 та фаолият туридан бири билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун фақатгина «Soliq» мобил иловасида ёки cолиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали — «my.soliq.uz»да хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтиш лозим.

Аввалроқ Бухорода ноқонуний фаолият олиб бораётган чилимхона ва ошхона аниқларгани ҳақида хабар берилганди.