Фарғонада эҳтиёжмандларга ажратилган 1 миллион сўмлик ёрдам пуллари ўзига тўқ оилаларга тарқатилгани рад этилди

Фарғона вилояти ҳокимлиги бир миллион сўмлик ёрдам пулларининг кам таъминланган оилалар қолиб, ўзига тўқ оилаларга тарқатилганини рад этди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда шу мазмундаги мурожаат тарқалган. Унда айтилишича, эҳтиёжманд оилалар учун тарқатилган 1 миллион сўмлик ёрдам пуллари етиб келмаган Фарғона шаҳар Низомий кӯчаси 3 «а» уй фуқаролари эътироз билдириб, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев қабулига борган, лекин ҳоким уларни қабул қилмаган. Уларга кўра, ëрдам пули кам таъминланган оилалар қолиб, ўзига тўқ оилаларга берилган.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг билдиришича, 6 август куни тахминан кечки 19:00 ларда Низомий кўчаси 3 «а» уй ётоқхонасида яшовчи фуқаролар Фарғона вилояти ҳокимлиги биноси олдига келганларида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу ерда бўлмаган. Шунинг учун улар билан учрашгани вилоят ҳокими ўринборсари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов чиққан. Сўнгра масалани жойида ўрганиш учун улар билан бирга ётоқхонага борган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, арзчилар қарилик, ногиронлик нафақасини олувчилар бўлган. Уларга маҳалла, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 4-5 марта озиқ-овқат берилган. 170 нафар хонадон эгалари билан учрашув пайтида ушбу оилавий ётоқхонада яшовчи фуқароларнинг асосий қисми пандемия шароитида ўз иш жойини йўқотгани маълум бўлган.

«Бугун эрталаб 50 нафар фуқаролар ойлик маоши 751 минг сўм бўлган жамоат ишларига жойлаштирилди. Уларнинг барчаси, яъни 170 хонадон аъзолари ҳар бир жон бошига 220 минг сўм пул маблағи ажратиладиган рўйхатга киритилди ва бугундан тўловлар бошланди»,  дейилади ҳокимлик ахборотида.

Бундан ташқари оилавий ётоқхонада истиқомат қилувчи 7 нафар фуқароларга бепул дори-дармон берилган, 2 нафар фуқаро «Кимёгар» маҳалласи 3 «а» оилавий ётоқхонага доимий рўйхатга қўйилган, 2 нафар фуқароларга бепул даволаниши учун йўлланма берилган. Бир нафар фуқаронинг фарзандига туғилганлик гувоҳномаси олиб берилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада салкам 19 мингга яқин фуқаро ўзини ўзи иш билан таъминлагани маълум бўлган эди.

Янгиликлар