Комил Алламжонов: «Журналист ва блогерларнинг ‘овозини ўчириш’ хориждаги бизга душман ОАВларга йўл очиб беради» (видео)
Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ОАВ ва блогерларнинг «овозини ўчириш»га уриниш фойдасиз экани юзасидан таҳлиллари билан бўлишди.
«Куни кеча бир неча блогерларнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини бузишга уринишлар бўлгани ҳақида ёзишди. Буни ким, нима мақсадда қилгани ҳозирча аниқ эмас, лекин буни бевосита ОАВ ва блогерларга, сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин. Бугунги кунда ОАВ ва блогерларнинг ‘овозини ўчириш’га уриниш ҳеч қандай натижа бермаслигини тушуниш вақти келди», — дейди у.
Комил Алламжоновнинг айтишича, ҳозирги технологиялар асрида информацияни сунъий йўл билан тўсишнинг имкони йўқ.
«Бу йўл билан фақатгина хориждаги бизга душман бўлган ОАВларга йўл очиб берган ва қўллаб-қувватлаган бўламиз», — дейди Алламжонов.
Унинг айтишича, мамлакатда информацион танқислик юзага келадиган бўлса, иложсиз аудитория айнан хориж манбаларидаги маълумот билан ишлашни бошлайди.
Шунингдек, у ўз таҳлилида журналистларга босим ўтказиш ўрнига улар кўтариб чиққан муаммоларни ҳал қилиш кераклигини, агар бундай қилинмаса, блогерлар аноним тарзда барибир фаолиятини давом эттиришини айтди.
Аввалроқ Танзила Норбоева ОАВ ходимларига миннатдорчилик билдириб, агар танқидлар бўлмаса, амалдорлар яхши ишламаган бўларди, деган фикрни айтган эди.