Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Пастдарғомдаги «1000 та жўжа спектакли»ни ўрганиш учун туманга борди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 8 сентябрь куни Пастдарғом туманига етиб борди, дея вазирлик матбуот хизмати хабар берди. Таъкидланишича, туманда «Kun.uz»да эълон қилинган «Пастдарғомда ‘1000 та жўжа спектакли’: Бош ролларда прокурор ва ўғлини камбағал қилиб кўрсатган ‘маҳаллақўм’» сарлавҳали мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилади.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани «Қўқони» МФЙ раиси Ҳусниддин Турсунов ОAВ мухбирига маҳалладаги камбағал оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам намунаси сифатида ўз уйида боқилаётган 1000 дона жўжани ҳамда камбағал оила вакили сифатида ўз ўғли Достон Тиркашевни кўрсатган.

Қайд этилишича, мазкур мақолада келтирилган ҳолатлар Раҳмат Маматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан воқеа жойига борган ҳолда атрофлича ўрганилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича «Қўқони» МФЙ вакиллари йиғилиш ўтказиши белгиланган. Йиғилишда вазирлик раҳбарияти иштирок этиши ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонун доирасида зарур чоралар кўриши режалаштирилган.

Шунингдек, мақолада келтириб ўтилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича воқеа ва унда иштирок этган масъул ходимлар билан боғлиқ тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилиши қайд этилган.

МФЙларнинг «темир дафтар»га киритилган оилалар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлари бўйича назорат ва мониторинг олиб бориш, шу каби салбий ҳолатлар қайта содир бўлмаслиги учун МФЙ ходимлари иштирокида тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш, соҳа ходимларининг ўз фаолияти юзасидан масъулиятини янада ошириш бўйича Қорақалпоғистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларига вазирликнинг кўрсатма хати юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда яна 5613 та оила «темир дафтар»га киритилгани ҳақида хабар берилган эди.