Пастдарғомда мингта жўжа берилиб, камбағалликдан чиқарилган йигит маҳалла раисининг ўғли эканлиги маълум бўлди

«Kun.uz»да 5 сентябрь куни «1000 та жўжа билан беш ойда камбағалликдан чиқиш мумкинми?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мақолада Пастдарғом тумани «Қўқони» маҳалласида яшовчи Достон Тиркашев исмли ёш йигитнинг тадбиркорликни бошлагани, секин-аста оила ўз имкониятларини тиклаб бораётгани ва унинг отаси айни вақтда Россияда (меҳнат муҳожирлигида) эканлиги ёритилган.

Фото: «Kun.uz»

Нашрнинг хабар беришича, ушбу мақола эълон қилингач, ўша қишлоқдан кўплаб эътирозлар бўлган. Мурожаатларда Достоннинг отаси Россияда эмас, шу ерда — маҳалланинг раиси эканлиги айтилган. Мақола учун маълумот йиғилган куни маҳалла раиси Ҳусниддин Турсуновнинг ўзи ҳам шу ерда бўлган.

«Шу ўринда ўқувчида тасаввур пайдо бўлиши учун ўша кунги воқеаларга қисқача тўхталиб ўтсак. Суҳбатга туман прокурори Aсрор Валиев сектор раҳбари сифатида бевосита гувоҳ бўлганди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур хонадонни камбағалликдан чиқаришда бош-қош бўлаётганини тасдиқлаганди.

Маҳалла раиси Ҳусниддин Турсунов туман прокурори Достоннинг тадбиркорлик қилишига кўмаклашаётгани, қудуққа насос ташлаб бергани ҳақида гапирганди. Қолаверса, оилага давлат томонидан нақд пул кўринишида моддий ёрдам берилгани, уйи эса ҳашар йўли билан таъмирлангани ҳам маълум қилинганди.

Тасаввур қилинг: ўғил шу ерда, ота — маҳалла раиси шу ерда. Сектор раҳбари (прокурор!) эса ўзи ҳақидаги илиқ гапларни эшитиб, тасдиқлаб турибди. Йиғилганлар камбағал оилани намунали қилиб ‘темир дафтар’дан чиқариш бўйича спектакль ‘томоша қиляпти’», — дейилади хабарда.

«Kun.uz»га аввалги мақолани ўқиган фуқаролар мурожаат қилишгач, мухбирлар иккинчи марта ўша хонадонга борган. Кўчада ҳамма маҳалла раисининг уйи шу, деб 1000 та жўжа боқилаётган уйни кўрсатган.

Мухбирлар Достоннинг укаси билан суҳбатлашган. Йигит маҳалла раисининг фарзанди эканлигини яширишга уринган. «Дадам Россияда, маҳалла раиси бу уйда турмайди», — деган у.

Маълум қилинишича, мухбирлар бир оздан сўнг маҳалла раисининг ўзи — Ҳусниддин Турсуновни учратган. У ўша куни шошгани, «темир дафтар»га киритилган оила сифатида кимни кўрсатишни билмай қолганини таъкидлаган.

Пастдарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати 7 сентябрь куни воқеа юзасидан муносабат билдирган:

«‘Kun.uz’ сайтида 6 сентябрь куни ‘1000 та жўжа билан беш ойда камбағалликдан чиқиш мумкинми?’ сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди.

Унда Пастдарғом тумани ‘Қўқони’ маҳалласидаги бир оилага камбағалликдан чиқишда ёрдам кўрсатилгани ҳақида сўз борган. Хусусан, Достон Тиркашев тадбиркорликни бошлагани, отаси эса хорижда ишлаб юргани ҳақида маълумот кетган.

Aслида маҳалла оқсоқоли маҳалласида камбағаллик бўйича қилинган ишларни ўрганишга келган мухбирга ёлғон маълумот берган. Яъни раис ўз хонадонига кириб, бу кам таъминланган оиланинг уйи эканини айтган.

Ушбу ҳолат туман мутасаддилари томонидан тегишли тартибда танқидий муҳокама этилади ва жиддий хулоса қилинади», — дейилади ҳокимлик муносабатида.

Шунингдек, мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари бошланганлиги маълум қилинган.

Aввалроқ Самарқандда яна 5613 та оила «темир дафтар»га киритилгани ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, уларга «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида шу вақтга қадар жами 10,5 миллиард сўмлик ижтимоий кўмак берилган.

Янгиликлар