Самарқандда яна 5613 та оила «темир дафтар»га киритилди
Самарқандда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида камбағалликни қисқартириш штаби аъзолари томонидан шаҳардаги 210 та маҳаллада мавжуд 149 500 оиланинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Ўрганиш жараёнида 5613 та оила «темир дафтар»га киритилган. Уларга «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида шу вақтга қадар жами 10,5 миллиард сўмлик ижтимоий кўмак берилган.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбиркорлар ҳамда фуқаролар томонидан жами 5,2 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва республика бюджетидан Қурбон ҳайити арафасида 1348 та оилага 1 миллион сўмдан 1 миллиард 348 миллион сўм пул берилган.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қуватлаш борасида 30 июль куни қабул қилинган «Коронавирус пандемияиси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига асосан 4579 та оилага 4,1 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатли ишсиз 4792 нафар фуқаронинг 3661 нафари иш билан таъминланган.
Аввалроқ Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари, Бухорода Миллий гвардия томонидан оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол ҳамда Сирдарёда «темир датар»га киритилган 731 та оилага салкам 601 миллион сўм пул тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули, Қоракўлда «темир дафтар»га киритилган оилаларга қарийб 2 миллиард сўм ва Андижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларнинг 518 нафар аъзосига 113 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тарқатилгани маълум бўлган.