Бухорода 2021 йил охирига қадар салкам 632 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади

Бухорода маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги жами 43 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 2021 йилнинг охирига қадар 631,6 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва 1200 га яқин янги иш ўрини яратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, айни пайтда «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасида 245,9 миллион долларлик 69 лойиҳа амалга оширилиб, 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Мазкур зона ҳудудида 2020—2021 йилларда умумий қиймати 331,7 миллион долларга тенг бўлган қўшимча 190 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу 1200 га яқин янги иш ўрини яратиш имконини беради. Ҳозирги кунга келиб «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонасида 66,9 миллион доллар миқдоридаги 27 лойиҳа амалга оширилиб, 1500 га яқин янги иш ўрини яратилган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, йил охиригача вилоятнинг 13 та кичик саноат зонасида умумий қиймати 248,5 миллиард сўм бўлган 98 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шуларнинг ҳисобига 3,5 мингдан кўпроқ янги иш ўрини яратилади.

Таъкидланишича, вилоятда бўш турган саноат корхоналарининг ишга туширилиши натижасида 23 минг иш ўрни ташкил этилади

Шунингдек, мавжуд эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 2020 йил охирига қадар 92,4 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бундан ташқари, янги ташкил этилган 6 та кичик саноат зонасини газ, электр энергияси ва сув таъминоти тармоқларига улаш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жондорда 11 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритиладиган кичик саноат зонаси ташкил этилиши ҳамда Самарқандда умумий қиймати 1 триллион сўмдан кўпроқ бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида хабар қилинганди.