Булоқбошида ота хорижга чиқиш учун 8 минг доллар алимент пулини олдиндан тўлади

Андижон вилояти Булоқбоши туманида хорижга чиқмоқчи бўлган ота 2 нафар фарзандининг вояга етгунга қадар ҳисобланган алимент пулларини тўлаб берди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 2014 йил 15 декабрдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор М.Қораевдан ундирувчи С.Қораева фойдасига вояга етмаган 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой топган даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси Булоқбоши туман бўлими томонидан ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида қарздор М.Қ.нинг Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари тегишли қонун талабларига кўра чеклаб қўйилган.

Шу сабабли хорижга чиқиш истагида юрган қарздор ота ундирувчи С.Қораева фойдасига икки нафар фарзанди таъминоти учун 2020 йил қарзлари билан бирга улар вояга етгунга қадар ҳисобланган алимент пулларини — 8 000 АҚШ долларини тўлаб берган.

Бошқарма ахборотига кўра, ижро ҳужжати амалда тўлиқ ижро қилинганлиги муносабати билан ижро иши тамомланган.

Аввалроқ Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани ҳамда Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар