Тошкент шаҳрида хотинига боласининг ахлатини едирган эркак қўлга олинди (видео)
«Не молчи» Telegram-канали Тошкент шаҳрида эри хотинини мажбурлаб нажас едиргани акс этган видеони эълон қилди.
Маълум бўлишича, ушбу видео 1 октябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани «Оққўрғон» маҳалласида олинган. Эр хотинига ўлдириш билан таҳдид қилиб, боласининг нажасини едирган. Қизига ҳам шундай таҳдид қилиб, видеога олишини буюрган. Икки фарзандли аёл ҳаётига хавф солингани сабаб уйдан кетишга мажбур бўлган.
Қуйида жабрланувчи аёлнинг «Не молчи» лойиҳасига ёзганлари келтирилган:
«Мен эрим билан бирга яшаган 14 йил қўрқув ва мунтазам қийнооқлар билан ўтди. У мени ва фарзандларимни калтаклаб, масҳаралаб, қийнаб келди. Асосан у бошимга урарди. Бир неча марта мия чайқалишини бошдан кечирганман. Касалхонага боришга эрим рухсат бермаган, уйда ўзим даволанганман. Натижада бошим доим қаттиқ оғрийдиган бўлиб қолган. Маҳалла ва оиламдагилар ҳар сафар уни кечириб, яшаб кетишимни айтишарди. Шунинг учун болаларим ва ўзимнинг ҳаётим ва соғлимни хавф остига қўйиб, эрим билан яшадим.
Отамнинг ўлимидан сўнг у менга босим ўтказиб, кекса онамнинг квартирасини сотишга (онамни шаҳарнинг нисбатан камроқ ривожланган туманига кўчириб, ўша ердан сотилган уйнинг ярим нархида квартира олиб бериб), онамнинг ўлимидан кейин эса у уйни ҳам сотишга мажбурлади. Ҳали меросхўрлик ҳуқуқларини олмасимданоқ проа билан вазиятни тезлаштирди ва 2 ойга қолмай уйни сотди. Буни у мени калтаклаб, ўлдириш билан таҳдид қилиб амалга оширди. Пулларни қаерга совурганини эса билмайман.
Фақат ўша пулдан бир неча йил аввал ишлатилган машина олганини биламан, холос. Сўрасам, ишим бўлмаслигини, ҳужжатларни ўзим имзолаганимни, у мени мажбурлаб бу ишни қилганиини исботлай олмаслигимни айтган. Қочиб борадиган жойим йўқ. Ишлашимга рухсат бермаган. Шунинг учун у билан битта том остида қолишга мажбур бўлганман.
Охирги йилларда эримнинг хулқ-атворида ғалати ҳаракатларни сеза бошладим. Ўлда-жўлда гаплар, маст одамга ўхшаб қадам ташлашлар, кайфияти тўсатдан ўзгариб қолади, ҳеч бир сабабсиз жаҳли чиқиб кетади. Лекин ундан ароқ ҳиди келмасди. Бу ҳолатда у мени ва вояга етмаган қизимни бир неча бор дўппослади.
2020 йил 1 октябрь! Бу кунни сира унутолмайман. Ўша кун у арзимаган нарсаларни баҳона қилиб, мени ҳаммомга олиб кирди ва ҳар доимгидек ўлдираман, деб қўрқитиб, кичик қизимнинг тувакдаги ахлатини ейишга мажбур қилди. Шу билан бирга у катта қизимнинг сочидан тортиб, уни тепиб, унга қўшиб мени ҳам ўлдиришини айтиб қўрқитди ва мен ахлат еяётганимни видеога олишини буюрди.
Сабзи тахтакач билан қовурғаларимга урди ва тез орада ўлишимни айтиб, санчқи билан орқамга санчди. Кўкрагимга ҳам бир неча бор кучли зарба берди. Буларнинг барчаси болаларимнинг (12 ёш ва 3 ёш) кўзи олдида содир бўлди. Ушбу хўрликлар қўшниларни чақириб, ялангоёқ қочиб чиққунимча 2,5 соат давом этди.
Шундан сўнг биз тез ёрдам ва милицияни чақирдик, лекин у эшикни очмади. Биз кўчада қолдик. Қариндошларимиз бизни олиб кетди, биз 4 кун кийимсиз ўтирдик. Уйга фақат 6 октябрь куни милиция ва маҳалла ёрдамида кира олдик. Бунгача эса у эшикни ҳеч кимга очмади».
Эрининг исми Исматуллаев Рустам, у ҳозирда ҳибсга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг хабар қилишича, 7 октябрь куни аёлга ҳимоя ордери берилган ва судмедэкспертиза тайинланган (натижалар нашр вақтигача эълон қилимади). Маҳалла ва оила ишлари вазирлигига аёл уй-жой сўраб, ариза ёзган, аммо ҳозирча натижа бўлмаган.
Аввалроқ Самарқандда аёлига памперс едириб, аёвсиз калтаклаган эрга чора кўрилгани, Сенат ушбу ҳолатни назоратга олгани хабар қилинган эди.