Пискентда Афғонистон билан ҳамкорликда заъфарон ўсимлиги етиштириш йўлга қўйилди

Тошкент вилояти Пискент туманида Афғонистон билан ҳамкорликда заъфарон ўсимлиги етиштирилиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Пискент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Пискент туманидаги «Turon Bizness Limited» масъулияти чекланган жамияти заъфарон (шафран) ўсимлигини етиштириш фаолиятини йўлга қўйган. Туман ҳокимлигининг тегишли қарорига кўра, 2018 йилда мазкур корхонага шафран доривор ўсимлигини етиштириш учун 14,2 гектар ер майдони ажратилган.

Фото: Пискент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, лойиҳага кўра 2019 йилда мазкур ўсимлик уруғи Афғонистон давлатидан тажриба тариқасида Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган. Ҳозирги кунда ҳудуддаги 4 гектар ер майдонда мазкур ўсимлик етиштириб келинмоқда.

Фото: Пискент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, Афғонистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион 400 минг долларни ташкил этган ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши ҳисобига амалга оширилмоқда. Ўсимлик етиштириш ҳажми ортгач, ушбу доривор ўсимликни Эрон, Покистон, Арманистон, Германия ва Саудия Арабистони давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Фото: Пискент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ушбу лойиҳада 40 та доимий иш ўрни яратилган. Лойиҳа ҳажми кенгайтирилгач, корхонада қўшимча 200 та мавсумий иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган.

Фото: Пискент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Қамашида ҳар 27 дақиқада очиладиган доривор ўсимлик етиштириш йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги каннабис етиштирувчи турк компанияси билан 230 миллион долларлик шартнома имзолагани маълум қилинганди.