Инновацион ривожланиш вазирлиги каннабис етиштирувчи турк компанияси билан 230 млн долларлик шартнома имзолади

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркиянинг каннабис етиштириш билан шуғулланувчи «JFC Enerji Yatirim Sanayi ve Ticaret A.S.» компанияси билан икки томонлама ҳамкорликни назарда тутувчи умумий қиймати 229,6 миллион долларга тенг меморандумни имзолади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, мазкур ширкат техник каннабис ўсимлиги уруғларини қайта ишлаш йўли билан озиқ-овқат, косметика, тўқимачилик, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқишга ихтисослашган. Маълумки, техник каннабис энг тез ўсувчи экинлардан бири бўлиб, пахта билан солиштирганда 1 гектардан 4 баробар кўп целлюлоза олинади. Ўсимликка қишлоқ хўжалиги кимёвий препаратларини нисбатан камроқ ишлатилади ҳамда сувни анча кам талаб қилади. Тупроқдан таркибидан заҳарли моддаларни чиқариб олиш, атроф-муҳитни ифлосланишлардан тозалаш имконини беради. Техник каннабис 110 кун ичида 23 метрга етади ва бир мавсумда бир нечта ҳосил олиш имконини беради.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилгани ҳамда Ўзбекистон АҚШнинг «Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъвати» форумида иштирок этгани ҳақида хабар қилинган.

Янгиликлар