Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев кейинги уч йилда янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётганини қайд этган. Ҳулуси Акар Шавкат Мирзиёевга қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг тилакларини етказган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилган. Шунингдек, кейинги йилларда мудофаа соҳасида амалга оширилган қўшма тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланган.

Туркия миллий мудофаа вазири ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан Ўзбекистонни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилганди.

Янгиликлар