Шавкат Мирзиёев маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан Ўзбекистонни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни маслаҳатчи Сума Чакрабарти иштирокида Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини давом эттиришнинг стратегик йўналишларини кўриб чиқди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, учрашувда таҳлил асосида, илғор халқаро амалиёт ва тажрибани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва янгиланишларни самарали давом эттиришни таъминлашга эътибор қаратилган.

Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатдошлигини ошириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва бошқарув кадрлари сифатини тубдан ошириш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти ўзининг Twitter’даги саҳифасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланаётганини маълум қилди.

Сума Чакрабарти 1959 йилда Жалпаигури (Ҳиндистон, Ғарбий Бенгалия)да туғилган. «Оксфорд» Янги коллежини cиёсатшунослик, фалсафа ва иқтисодиёт соҳалари бўйича тугатган. Сўнгра «Сассекс» университетида иқтисодий ривожланиш бўйича магистр даражасини олган. 2012 йил июлдан 2020 йил июлгача Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг президенти лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Сума Чакрабарти Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.

Янгиликлар