Австралияликларнинг мамлакатни тарк этиши тақиқланди

Австралия аҳолисига яна уч ой давомида чет элга саёҳат қилиш тақиқланди. Бу ҳақда 8 декабрь, сешанба куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Грег Хантга асосланиб, «The New Daily» хабар берди.

Фото: Getty Images

Маълум қилинишича, ҳеч бўлмаганда март ойининг ўрталарига қадар чет элга саёҳат қилишни тақиқлаш кучга киради, буни расмийлар эпидемияга қарши чоралар сифатида киритган.

«2015 йилги биологик хавфсизлик тўғрисидаги қонунга биноан фавқулодда биохавфсизлик муддати қўшимча уч ойга узайтирилади», — дейилади Хант баёнотида. Австралиядан аввалги саёҳат тақиқининг муддати 17 декабрда тугаши керак эди. Янги киритилган тақиқ эса камида 17 мартгача кучда қолади.

«Халқаро ҳамжамият хавфсиз бўлмагунча Австралия тўлиқ хавфсиз бўлмайди. Чет элда хавф-хатар жуда катта, агар биз ушбу муҳим чораларни қўллаб-қувватламасак, австралияликларни ҳимоя қила олмаймиз», — деган соғлиқни сақлаш вазири.

Маълумот учун, 8 декабрь куни Австралияда фақат бир кишида коронавирус инфекцияси қайд этилди. Мамлакатда жами 42 киши вирусдан даволанмоқда. Австралияда эпидемиянинг эпицентри бўлган Викторияда эса 39 кундан бери янги ҳолат кузатилмаган. Пандемия бошланганидан бери мамлакатда деярли 28 минг киши коронавирус билан касалланган, 908 киши вафот этган.

Янгиликлар