Буюк Британияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди — видео

Буюк Британияда дунё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди. Бу ҳақда «Sky News» телеканалига таяниб, «Риа Новости» хабар берди.

Кадр: YouTube

Таъкидланишича, Буюк Британия давлатлар орасида биринчи бўлиб аҳолини COVID-19’га қарши эмлашни бошлади. 8 декабрь, сешанба кунидан бошлаб қариялар уйлари беморлари, тиббиёт ва ижтимоий соҳа ходимлари, шунингдек, 80 ёшдан ошган қариялар эмланишни бошлади. Биринчи вакцинани Ковентри шаҳрида яшовчи 90 ёшли фуқаро қабул қилди.

Маълум қилинишича, эмлаш ихтиёрий ва бепул амалга оширилади. Буюк Британияда қонуний равишда яшовчи ва резидент мақомига эга бўлган ҳар бир киши вакцинани олишлари мумкин.

Аввалроқ Буюк Британия коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасидан фойдаланишни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат ушбу вакцинанинг 40 миллион дозасига буюртма берган.