Буюк Британия коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади

Буюк Британия ҳукумати АҚШнинг коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади. Бу ҳақда «BioNTech» компанияси веб-сайтида эълон қилинди.

Фото: «Associated Press»

Хабарга кўра, Буюк Британия «Pfizer» va «BioNTech» препаратларидан фойдаланишга рухсат берган биринчи мамлакат ҳисобланади. Вакцинация яқин кунларда бошланиши кутилмоқда, унда коронавирус хавфи энг юқори бўлган одамлар қатнашади. Умуман олганда, мамлакат ушбу вакцинанинг 40 миллион дозасига буюртма берган.

«Буюк Британия Американинг ‘Pfizer’ ва Германиянинг ‘BioNTech’ томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинани ўз ҳудудида ишлатишга рухсат берди, — деб ёзади «BioNTech» веб-сайти.

«Вакцинани қўллаш тўғрисидаги қарор клиник синовларнинг учинчи босқичи натижаларига асосланган бўлиб, препарат 95 фоиз самарадорлигини намойиш этди», деб қўшимча қилади компания. Ушбу натижалар илгари COVID-19’га чалинган ва чалинмаган кишилардан олинган. Таъкидланишича, препаратнинг таъсири беморларнинг ёши, жинси, ирқий ва бошқа хусусиятларига боғлиқ эмас.

Аввалроқ АҚШнинг «United Airlines» авиакомпанияси дунё мамлакатларига коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасини етказиб беришни бошлагани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, препаратни етказиб бериш АҚШнинг FDA (озиқ-овқат ва фармацевтика идораси) регулятори вакцинани ҳали тасдиқламаганига қарамай, бошлаб юборилган.