Самарадорлиги 90 фоиздан юқори бўлган «Pfizer» вакцинаси нархи маълум бўлди

АҚШнинг «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинанинг Европа Иттифоқи мамлакатлари учун нархи бир дозаси учун 15,5 еврони (18,34 доллар) ташкил этади. Бу ҳақда «Reuters»га асосланиб, «РБК» маълум қилди.

Фото: «Reuters»

Таъкидланишича, клиник синовларнинг навбатдаги босқичида «Pfizer» препарати 90 фоиздан юқори самарадорликни кўрсатди. Синовда иштирок этган 43 мингдан ортиқ инсонлардан атиги 94 нафари коронавирус инфекциясини юқтирган. Шунингдек, вакцина нархи 15,5 еврога баҳоланмоқда.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен илгари сотиб олишни режалаштираётганини эълон қилган 300 миллион дозали вакцинанинг нархи 4,6 миллиард еврони ташкил этади. Бундан олдин вакцинанинг нархи «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech» компанияси томонидан ошкор қилинмаган эди. «BioNTech» стратегия бўлими раҳбари Раян Ричардсоннинг айтишича, ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган вакцинанинг кенг сотувга қўйилиши учун унинг нархи бозор нархларидан арзонроқ қилиб белгиланади.

Компаниянинг таъкидлашича, вакцина икки босқичда қўлланилади ва инъекция қилинганидан 28 кун ўтгач, СOVID-19’дан ҳимоя қилади. 2020 йилнинг охирига қадар «Pfizer» ва «BioNTech» 50 миллион доза, 2021 йилда яна 1,3 миллиард доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ АҚШнинг «Pfizer» компанияси яратган COVID-19ʼга қарши вакцинанинг салбий томони маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, самарадорлиги 95 фоизга тенг коронавирусга қарши вакцина аниқлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар