Самарадорлиги 95 фоизга тенг коронавирусга қарши вакцина аниқланди
АҚШнинг «Moderna» компанияси унинг коронавирусга қарши вакцинаси синовларнинг учинчи босқичида 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатганини маълум қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Маълум бўлишича, синовларнинг учинчи босқичида 30 минг кўнгилли қатнашган. Вакцинанинг иккинчи дозаси қабул қилинганидан икки ҳафта ўтгач, тадқиқот иштирокчиларининг 95 нафари коронавирус билан касалланган, уларнинг 90 нафари плацебо ва беш нафари вакцина қабул қилган.
Мавзуга доир: АҚШнинг «Pfizer» компанияси яратган CОVID-19ʼга қарши вакцинанинг салбий томони маълум бўлди
Модерна томонидан яратилган вакцина «mRNA-1273» номини олган. Бу вакцина ахборот ташувчи РНК асосида яратилган бўлиб, вирусли С-оқсиллар рибонуклеин кислота томонидан ишлаб чиқарилади. Мазкур вакцина ишлаш механизми бўйича «Pfizer» ва «BioNTech» компаниялари томонидан яратилган вакцинага ўхшайди.
Аввалроқ ЖССТ Россиянинг «Спутник В» вакцинасини рўйхатга олишда шарти борлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Трамп АҚШ аҳолиси қачон COVID-19ʼга қарши вакцина билан тўлиқ таъминланишини маълум қилган.