Трамп АҚШ аҳолиси қачон COVID-19’га қарши вакцина билан тўлиқ таъминланишини маълум қилди

Америкаликлар коронавирусга қарши АҚШда яратилган вакцинадан кейинги йилнинг апрелидан бошлаб фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда президент Дональд Трамп сўзларига таяниб, «Reuters» хабар берди.

фото: «AFP»

Хабарга кўра, АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари сифати масалалари бўйича бошқармаси (FDA) тез орада мамлакатда яратилаётган вакциналардан бирини тасдиқлаши мумкин.

Трампнинг таъкидлашича, вакцина тайёр бўлиши билан у Нью-Йоркдан бошқа барча штатларга етказиб берилади, чунки губернатор Эндрю Куомо ушбу масалани кейинроққа суришга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, Куомо ушбу масалада Трамп администрациясига ишонмаслигини шама қилган.

«Рухсат бўлмагунича, Нью-Йоркга вакцинани етказиб бермаймиз», — дейди Коумо.

Губернаторнинг ўзи кейинроқ ушбу масалага тўхталиб, Трампнинг нуқтаи назари борасидаги сўзлари ҳақиқатга мос келмаслигини айтган. Куомонинг катта маслаҳатчиси Рич Аззопарди ўзининг Тwitter’даги саҳифасига у COVID-19’дан энг кўп жабр чеккан жамият кўпроқ вакцина олиши учун курашаётганини ёзган. Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс эса, ўз навбатида, вакцина штатга етказиб берилмаса, Трампнинг устидан судга шикоят қилишини айтган.

Аввалроқ АҚШнинг «Pfizer» компанияси яратган CОVID-19ʼга қарши вакцинанинг салбий томони маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар