АҚШнинг «Pfizer» компанияси яратган COVID-19’га қарши вакцинанинг салбий томони маълум бўлди

АҚШнинг «Pfizer» компанияси яратган коронавирусга қарши вакцинани Цельсий бўйича -70 даража совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилиши, бу эса уни тиббиёт муассасаларига етказишда қийинчиликларни юзага келтириши мумкинлиги маълум бўлди. Бу ҳақда «Guardian» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Таъкидланишича, даромади кам мамлакатлар уни харид қилишда муаммоларга дуч келиши мумкин, чунки вакцина ўта совуқ — 70 градусда сақланиши керак. Бу эса махсус совутгичли марказлар тайёрлашни талаб этади. «BioNTech» бош ижрочи директори Уғур Шахиннинг сўзларига кўра, унинг компанияси вакцинани нормаль совутиш ҳарорати — 4 градусда беш кунгача сақлаб қолиш устида изланиш олиб бормоқда.

Германия ҳукумати эса эмлашнинг биринчи босқичи учун ўта паст ҳароратли музлатгичлар билан жиҳозланган эмлаш марказларини ташкил қилишни режалаштирган.

Бундан ташқари, кўпгина мамлакатлар аллақачон «Pfizer» вакцинаси учун буюртма берган. Хусусан, Буюк Британия 40 миллион доза вакцина сотиб олган. Бу доза 20 миллион кишига етарли бўлиб, бир кишини эмлаш учун икки доза вакцина керак бўлади. Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам талаб этиладиган 200 миллион доза вакцинани сотиб олган. Давлатлар компаниялари AҚШ ҳукумати билан 100 миллион вакцина дозасини етказиб бериш бўйича 1,95 миллиард долларлик (1,5 миллиард фунт) шартнома имзолаган.

Маълумот учун, «Pfizer» (АҚШ) ва «BioNtech» (Германия) компаниялари ишлаб чиқараётган вакцинанинг клиник синовлари июлда бошланган. Шундан сўнг ўн минглаб кўнгилли инсонлар синовларда иштирок этган. Шунингдек, иккинчи дозани қабул қилган иштирокчиларнинг 90 фоизида вирусга қарши иммунитет шакллангани қайд этилган.

Аввалроқ Хитойда ишлаб чиқилган вакцина Тошкентга олиб келингани, Россиянинг «Вектор» маркази коронавирусга қарши вакцина учун патент олгани ҳақида хабар берилганди.