Россиянинг «Вектор» маркази коронавирусга қарши вакцина учун патент олди
Россиянинг Саноат мулки институти «Вектор» вирусология ва биотехнология илмий марказига коронавирусга қарши «ЭпиВакКорона» вакцинаси учун патент берди. Бу ҳақда «Роспатент» матбуот хизматига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Яратилган вакцина учун учта патент берилди, уларнинг ҳар бири вируснинг модификация қилинган маълум бир қисми учун тақдим этилди», дейилади «Роспатент» томонидан берилган хабарда.
Қайд этилишича, препарат синтетик пептид антигенлар асосида яратилган. У COVID-19’га қарши иммун реакциясини юзага келтиради ва кейинчалик иммунитет ривожланишига хизмат қилади.
Препарат синов даврининг биринчи босқичи якунидаёқ ўзининг тўлиқ хавфсизлигини исботлаган. Федерал истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ҳузуридаги «Вектор» марказининг зооноз инфекциялари ва грипп бўлими бошлиғи таъкидлаганидек, эмлаш COVID-19’дан умрбод иммунитет бермаса ҳам, камида олти ой давомида инфекциядан ҳимоя қилади.
Маълум бўлишича, патент олишдан бир ҳафта аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги «ЭпиВакКорона»ни рўйхатдан ўтказишни бошлаган ҳамда жараённи 15 октябргача якунлаш режалаштирилган. «Вектор» маркази томонидан яратилган вакцина «ЭпиВакКорона» номини олди ва Россияда патентланган иккинчи вакцина бўлди.
Россияда патентланган ва рўйхатга олинган COVID-19’га қарши биринчи вакцина Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология маркази томонидан яратилган «Спутник-V» вакцинаси ҳисобланади. У августнинг бошида рўйхатдан ўтказилган.
Аввалроқ Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси муомалага чиқарилгани, Ўзбекистон Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишга розилик билдиргани хабар қилинган эди.