Хитойда ишлаб чиқилган вакцина Тошкентга олиб келинди
Коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказишни ташкил этиш борасида 7 ноябрь куни ўтказилган учрашувда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинганини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Таъкидланишича, 5 минг кишига етадиган вакцина Хитойдан Тошкентга олиб келинган. Вакциналар махсус шароитларда сақланмоқда. Кўнгиллилар жамоаси шакллантирилганидан сўнг ҳар бир оилавий поликлиникада имкониятдан келиб чиқибб маълум сондаги кўнгиллилар бўйича синов ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи фаза синовларини ўтказиш бўйича хитойлик ҳамкорларнинг тўрт нафари Ўзбекистонга ташриф буюргани, яна 5 нафар хитойлик мутахассислар келиши кутилаётгани билдирилган. Улар 4 ой давомида синовларни ўтказиш жараёнида вазирлик билан бирга иш олиб боради.
«Хитойликлар биринчи галда синов ўтказиладиган оилавий поликлиникалар ва улардаги шарт-шароитлар билан қизиқишди. Иккинчиси, ҳамкорларимиз ҳар бир оилавий поликлиникадан ўнтадан шифокор ва ҳамшира танлаб олиб, улар билан суҳбат ўтказишмоқчи. Кейинги ҳафтадан шифокорларимизга тренинглар ўтказилади», — дейди вазир.
Шунингдек, синовлар вилоятларда ҳам ўтказилиши ҳақидаги саволга Иброҳим Абдураҳмонов қуйидагича жавоб берган:
«Йўқ. Бу ҳозир тадқиқот бўлгани учун фақат Тошкент шаҳрида ўтказамиз. Бунинг ўзига яраша қулайликлари бўлиши керак. Мониторинг жараёнини самарали ташкил қила олишимиз жуда муҳим ҳисобланади»
Аввалроқ Ўзбекистонда Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.