Ўзбекистонда Хитойда ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши мумкин
Ўзбекистонда Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 21 октябрь куни вазирлик коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган.
Шунингдек, музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланган.
Қайд этилишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилган. Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгилли инсонларда ўтказилиши кутилмоқда. Синов бошланишидан олдин Хитой вакиллари томонидан эмлаш шартларини тушунтиришга қаратилган бир қатор тренинглар ўтказилади.
Маълум қилинишича, мазкур компания томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда клиник синовда ўтаётган вакцина коронавирус юза антигенининг генетик-муҳандислик оқсили бўлиб, у аденовирус ҳамда инактивлашган вакцина турлари билан таққосланганда юқори даражада хавфсиз ҳисобланади. Генетик-муҳандислик оқсили зарарланган организмда айнан унга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради.
Аввалроқ Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси муомалага чиқарилгани, Ўзбекистон Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишга розилик билдиргани хабар қилинган эди.