Ўзбекистон диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги мамлакатлар» рўйхатидан чиқарилди

Ўзбекистон АҚШнинг диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги мамлакатлар» рўйхатидан чиқарилди, деб хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, бу ҳақда AҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида 7 декабрь куни эълон қилинган Майкл Помпеонинг «Қўшма штатлар диний эркинликни бузувчиларга қарши чоралар кўрмоқда» номли баёнотида маълум қилинган.

Хабарга кўра, мазкур баёнотда бир қанча мамлакатларда диний эркинлик ҳамон ўзгаришсиз қолаётгани қораланган. Шунингдек, Помпео диний эркинлик борасида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, Ўзбекистоннинг махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганини маълум қилган.

Таъкидланишича, Помпео бу қисқа муддат ичида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилган тезкор ва мақсадли чора-тадбирларнинг натижаси эканини қайд этган. Шунингдек, махсус рўйхатдан чиқишда Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатларга намуна бўлиб хизмат қилишини ҳам таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз АҚШ Ўзбекистоннинг диний эркинликни таъминлаш йўлидаги ишларини олқишлагани айтилган эди. Aввалроқ Ўзбекистонда диний ташкилотни тузишда МФЙлар розилигини олиш тартиби бекор бўлиши хабар қилинган эди.