Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Бувайда туманида номаълум эркак суратхонага кириб, ўғрилик содир этганлиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Бувайда туманида 7 cентябрь куни фуқаро Х.Р. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, унда номаълум эркак суратхона эшик қулфини бузиш орқали ноқонуний равишда кирганлигини маълум қилган. Шундан сўнг суратхонадан умумий нархи 8 миллион 500 минг сўмлик Yel-800 ва Yel-355 русумли принтерлар, бир дона «Nikon D-3000» фотоаппарат, бир дона «Lenovo» номли винт ва бир дона «Samsung» русумли ноутбукни яширин равишда ўғирлаб кетганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Қ.A. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Aввалроқ Фарғона шаҳрида аёлни 500 долларга «ухлатган» одам қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.