«Ўзбекистон аҳолиси орасида коронавирус натижасидаги йўқотишлар сони дунёдаги кўрсаткичларга нисбатан анча кам» — Республика Патологоанатомия илмий-амалий маркази директори

Коронавирусдан касалланган беморларнинг расмий статистикаси яшириб кўрсатилаётганлиги, бу масалада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори аввал берган, сўнг рад қилиб чиққан маълумотлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борада билдирган муносабатидан сўнг «Tez News» мухбири ССВнинг Республика Патологоанатомия илмий-амалий маркази директори, профессор Ражаббой Исроиловдан шу мавзуда интервью олишга қарор қилди.

Фото: «Tez News»

«Aввало, шуни таъкидлашни истардимки, ҳар қандай давлат амалдори ёки ходими оммага бундай маълумотларни тақдим этишдан олдин, албатта, шу соҳа мутахассисидан маслаҳат сўраши керак. Нега десангиз, бундай ҳақиқатдан йироқ маълумотлар билан баёнот билдириш тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизликни юзага келтиради. Бу масалада вазирликнинг 143 нафар дея берган маълумоти тўғри ҳисобланади. Бугунга келиб 3 минг нафар атрофида бемор ушбу вирусдан даволанмоқда. Шундан 1155 нафари Самарқанд вилоятида бўлиши мумкин эмас-ку?! Тошкент шаҳрида 1000 нафардан зиёд бемор коронавирусдан даволаняпти, вилоятларда эса бу кўрсаткич 140—150 кишини ташкил қилади. Мен бу маълумотларни асоссиз деб ҳисоблайман», — дейди Ражаббой Исроилов.

Профессор Ражаббой Исроиловнинг сўзларига кўра, Акмал Бурхонов аслида бундай маълумотлар коронавирусга ташхис қўядиган лаборатория ходимлари ёки марҳумнинг мурдаси ёрилиб, микроскопда кўздан кечирилиб, ҳақиқий вирус эканлиги тасдиқланганидан кейингина шу каби баёнотни бериши ўринли.

«Бутун дунёда пандемия ҳолати кетаётган даврда касалликлар кўплиги ва ундан даволанаётганларнинг сони коррупцияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса керак, деб ўйлайман. Коррупция агентлиги ўз ишини билиб, шуғулланиши мақсадга мувофиқ. Аслида халққа бирор бир маълумотни етказишда аниқ, ишончли маълумотларга асосланиш керак, зеро ҳар бир гапнинг ортида жавобгарлик турибди. Улар мутахассислар билан маслаҳатлашмасдан, ўз маълумотлари асосида осонгина 1155 нафар деб юборяпти. Мен соҳа мутахассиси сифатида айтаманки, бундай бўлиши мумкин эмас!» — қўшимча қилди профессор.

Шунингдек, суҳбат давомида Паталогик-анатомик илмий-амалий маркази директори Ражаббой Исроилов суҳбат чоғида Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ёки бошқа касалликка оид маълумотларни яширишга ҳаққи йўқлигини, бу Давлат статистика бўлими томонидан назорат қилинишини алоҳида таъкидлади.

«Улар кунлик маълумотни — қайси касаллик бўлишидан қатъи назар, нечта касаллик бўлди, нечтаси даволанди, нечтаси натижасида ўлим юзага келди — ҳаммасини статистика маълумотига киритиб, жаҳон статистикасига йўллайди. Шунинг учун ҳам бу маълумотларни яшириб бўлмайди ва мумкин эмас. Бу борада энг ишончли маълумот бу — Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасидан олинган маълумот ҳисобланади», — дея таъкидлади Ражаббой Исроилов.

Профессорнинг сўзларига кўра, коронавирус диагностикаси ПЗР ва иммунафермент усули орқали аниқланади.

Фото: «Tez News»

Коронавирус, биринчи навбатда, нафас йўлларига — бурун ва томоқ йўлларига тушиб, ўша жойда жойлашган қопловчи эпителийга кириб, кўпаяди ва касалликни бошлаб беради. Шунинг учун ҳам ПЗР анализлари учун бурун ва томоқнининг чуқур жойидан таҳлил олиб текширилмоқда.

«Бу вирус бошланғич даврида бурунни касаллантирса, кейин ундан кўпайиб, нафас йўлларидан ўпкага тушиши мумкин. Лекин биз ўпкадан ташхис ололмаймиз-ку, унақа усулнинг ўзи йўқ. Вирус ўпкага тушгандан кейин пневмония касаллигини қўзғатяпти. Бу касаллкининг ҳозирги кунда кўпайиб кетиши, бир томондан, коронавирусга боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, вирус таъсирида ўпка касалликларининг авж олиши оқибатида пневмония сабаб вафот этганлар сони COVID-19 натижасида ҳаётдан кўз юмган кишилардан кўпайиб кетди. Шунинг учун ҳам ўпка касалланганда ПЗР тестидан ўтмаслик оқибатида пневмониядан ўлим сони кўпайди», — дейди профессор.

Коронавирусдан қанча киши касал бўлиши, улардан нечтаси вафот этиши махсус диагностика ёрдамида тасдиқланади.

«Юқорида айтганимдек, ПЗР номли қурилма бор, яъни у вируснинг антигенини аниқлайди. Бундан ташқари, иммунофермент таҳлил ҳам мавжуд. Мазкур усуллар ёрдамида организмда вирус бор ё йўқлиги тасдиқлаганидан кейин ‘коронавирус мавжуд’ деган ташхис қўйилади ва ҳисоботга олинади. Иккинчи томондан, агар бемор лабораториявий диагностикадан ўтмаган бўлса, биз — патологоанатомлар томонидан вирус тасдиқланганидан кейин ҳисоботга қўшилади», — дея таъкидлайди профессор.

Ражаббой Исроилов нафақат коронавирус, балки ҳар қандай касалликдан вафот этганларнинг сони ҳеч қачон яширилмаслиги, агар ўтган бемор патологоанатал текширувдан ўтмаган бўлса, уни даволаган шифокорлар ўлим сабабини маълумотномага киритиб, унинг яқинларига бериши шартлигини маълум қилган.

«Aгар марҳумларнинг мурдаси патологоанатал текширувдан ўтган бўлса, улар ҳам ҳақиқий ўлим сабабини кўрсатиб, қариндош-уруғларига беради. Бу тартиб бутун дунёда қўлланилади. Ҳозирги кунда 487 нафар коронавирус натижасида вафот этгани айтилган беморлар ПЗР лабораториясида аниқ COVID-19 ташхиси қўйилганлар ҳисобланади. Шунингдек, коронавирус таҳлили манфий бўлиб, лекин бошқа касаллик натижасида ҳаётдан кўз юмганлар ҳам бор, албатта. Уларнинг ичида ҳам вирусдан вафот этганлар бўлиши мумкин, чунки биз ўпкадан анализ ололмадик, ташхис қўёлмадик, лекин коронавирусдан ўлдими, пневмонияданми аниқлик киритилмади, шундай экан, статистикага ҳам қўшилмади. Буни яшириб ўтириш шарт эмас. Умумий касалларнинг ҳозирги сони фақатгина ПЗР билан тасдиқланган касаллардир», — дейди профессор.

Шунингдек, профессор Ўзбекистон аҳолиси орасида коронавирус натижасидаги ўлим кўрсаткичларининг дунёдаги вазиятга нисбатан камлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон аҳолиси орасида коронавирус натижасидаги ўлим кўрсаткичларининг дунёдаги вазиятга нисбатан камлиги — Ўзбекистон Президенти томонидан вазиятнинг шахсан назорат остига олинганлиги, қолаверса, соғлиқни сақлаш тизими, жумладан, шифокорларимизнинг жонкуярлиги ва ўз ишига масъулият билан ёндашишининг натижаси, деб ҳисоблайман.

Шу ўринда, пандемия шароитида вазиятни яхшилаш учун Ҳукумат даражасида жуда катта ёрдам кўрсатилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим, жумладан, пандемия даврида Ўзбекистонга кўплаб тиббий ускуналар олиб келинди. Мана, яқинда Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан яна бир ниҳоятда ноёб JEM-2100 Plus тиббий қурилмаси Ўзбекистонга Япониядан келтирилиши кутилмоқда. Мазкур қурилма Ўзбекистонинг патологоанатомия илми ҳамда бу йўналишдаги тадқиқотларни янада юқори даражага олиб чиқишига ишончим комил», — дея суҳбатни якунлади профессор.

Янгиликлар