Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларини Конституция куни билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни Конституция куни билан қутлади.

Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ушбу қутлуғ айёмда барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, ортга қайтмас демократик ислоҳотларимиз кафолати бўлган Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккури ҳамда юксак хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституциямизда муҳрлаб қўйилган қоида ва тамойиллар Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамиз учун беқиёс куч-ғайрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда, — деди президент.

Давлат раҳбари, сўнгги йилларда мамлакатда инсон қадри, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, президент кейинги вақтда барча соҳа ва тармоқларда қўлга киритилаётган натижаларнинг замирида, энг аввало, инсонпарварлик ва халқпарварлик тамойиллари мужассам эканини ва улар ўз самарасини бераётганини алоҳида қайд этди.

Жумладан, жорий йилда аҳоли жон бошига даромад 3 минг 500 долларни ташкил этгани, мактабгача таълимда қамров 78 фоиз, олий таълимда эса 42 фоизга етгани, одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан75,1 ёшга узайгани билдирилди.

Хусусан, 1 миллион нафардан зиёд фуқаро камбағалликдан чиқарилгани, камбағаллик даражаси 6,6 фоизга туширилгани билдирилди. Масалан, 2025 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғона юқори кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилди.

Ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги кунда биз Конституциямизнинг ҳар бир нормасини давлат ва жамият ҳаётида амалий фаолият мезонига айлантиришимиз зарур. Айниқса, ёшларимизга Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўргатиш, уларни конституциявий қадриятлар асосида юксак онгли ва ватанпарвар фуқаролар, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданият эгалари этиб тарбиялаш олдимизда турган ғоят муҳим вазифадир. Барчамиз учун миллий мустақиллигимиз, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли бўлган Конституциямиз шарафланадиган ушбу қувончли айём муносабати билан сизларни яна бир бор чин дилдан табриклайман, — деб якунлади президент.

Ўзбекистон