Нарпайда ошхонасининг газ печида опий сақлаб келган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Нарпай туманида меҳмонхонасидаги шкаф тортмасида қуруқ ҳолдаги кўкнори ҳамда ошхонасининг газ печида опий сақлаб келган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Нарпай туман ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида туманнинг Оқтош шаҳри О.Aбдураҳимов маҳалласида яшовчи, Т.нинг яшаш уйида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган. Текширув давомида ушбу шахс хонадонининг меҳмонхонасидаги шкаф тортмасида қуруқ ҳолдаги кўкнори гиёҳвандлик воситаси ҳамда ошхонасининг газ печидан целлофан пакетга солиб қадоқланган опий гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида чўнтагида гашиш олиб юрган маст эркак, Қўқонда эса 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Норинда уйида салкам 10 грамм гашиш сақлаган, Андижонда эса 4 минг долларга гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс ушланганди.