Фарғона шаҳрида чўнтагида гашиш олиб юрган маст эркак қўлга олинди
Фарғона шаҳрида 24 октябрь, шанба куни шимининг чўнтагида гашиш гиёҳванд моддасини олиб юрган маст ҳолатдаги эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, 24 октябрь куни фуқаро Н.И. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда Янги Аср кўчасида бемақсад юрганлиги ва шубҳа уйғотганлиги учун ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган вилоят Ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ЖТСБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганда шимининг чўнтагида гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган ва далилий ашё тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши кўзғатиган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Андижонда 22,5 грамм марихуана сотаётган одам қўлга олингани, Пахтаободда 22,43 грамм нашани 750 минг сўмга сотмоқчи бўлган эркак ушлангани ҳамда Попда уйида 9 туп наша етиштирган эркак аниқлангани ҳақида хабар берилганди.