Учкўприкда уйида салкам 800 грамм марихуана сақлаган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 792 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Учкўприк туманида 7 октябрь куни ўтказилган тадбир давомида «Бегобод» МФЙ ҳудудида яшовчи И.Ю. уйи холислар иштирокида кўздан кечирилган. Хонадонда қонунга хилоф равишда 792 грамм марихуана ва 312 грамм кўкнор сомони гиёҳвандлик моддаси сақлаб келинаётганлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Учкўприк тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши кўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди. Бухорода эса салкам 200 грамм марихуана сотмоқчи бўлган 2 нафар эркак қўлга олингани маълум қилинганди. Шунингдек, Янгиқўрғонда уйида салкам 19 грамм марихуана сақлаб келган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар