Бухорода салкам 200 грамм марихуана сотмоқчи бўлган 2 нафар эркак қўлга олинди

Бухоро вилоятида 197,75 грамм марихуана сотмоқчи бўлган 1974 йилда туғилган 2 нафар эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 10 октябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Бухоро шаҳар Абдураҳмон Жомий кўчасида яшовчи фуқаро Б.О. «Карвон буюм бозори» олдидаги пиёдалар ўтиш жойида «Spark» автомашинасида қора рангли селофан пакетга ўралган, 10 дона гугурт қутиларга жойланган марихуана гиёвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг соф вазни 22,75 граммга тенг бўлган. Б.О. мазкур моддани ҳар бир қутисини 300 минг сўмдан, жами 3 миллион сўмга Шофиркон туман «Алишер Навоий» МФЙда яшайдиган шахс Б.Ҳ.дан харид қилгани маълум бўлган.

Кўрсатмага асосан гиёванлик моддаларини сотганликда гумон қилинган шофирконлик фуқаро Б.Х. бўйича тезкор суриштирув тадбирлари олиб борилган ва унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, уйидан соф вазни 175 грамм марихуана моддасини сотиш мақсадини кўзлаб сақлаб келаётганлиги аниқланган. Сўнгра гиёҳванд моддалар холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, текшириб кўриш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси ихтиёрига олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25 ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Янгиқўрғонда уйида салкам 19 грамм марихуана сақлаб келган эркак ва Когон шаҳрида сопол тувакда каннабис етиштириб келган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак ҳамда Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар