Попда уйида 9 туп наша етиштирган эркак қўлга олинди
Наманган вилояти Поп туманида экинлари орасида 9 туп наша ўсимлигини етиштирган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Поп туманида 10 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва Поп туман ИИБ ходимлари ҳамкорликда тадбир ўтказган. Тадбирда Поп туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро ҳовлисидаги экинлари орасида 9 туп наша ўсимлигини экиб, парваришлаётганлиги аниқланган.
Наманган вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, ушбу ўсимликлар таркибида гиёҳванд модда сақловчи наша ўсимлиги эканлиги кўрсатилган. Қайд этилишича, ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси (Тақиқланган экинларни етишритиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Янгиқўрғонда уйида салкам 19 грамм Учкўприкда эса салкам 800 грамм марихуана сақлаган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Когон шаҳрида сопол тувакда каннабис етиштирган Бухоро шаҳрида эса 2 туп каннабис етиштираётган эркак қўлга олинганди.