Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда $1 миллиардлик лойиҳаларни ишга туширди

Улар орасида «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма объектлари, «Янги Тошкент» подстанцияси, тригенерация станцияси, Савдо-саноат палатаси биноси, «Соҳил боғи» парки ва 2 минг ўқувчи ўрнига мўлжалланган мактаб бор

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Уч йил аввал қурилиши бошланган Янги Тошкент мамлакат тарихидаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳасидир. Хавфсиз ва «яшил» шаҳар сифатида барпо этилаётган ҳудудда биринчи босқичнинг ўзида замонавий технологик ечимларга асосланган 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шаҳарда 2 минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. «Яшил қурилиш стандартлари» асосида 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонлари барпо қилинади. Ўтган даврда Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик ишлар бажарилди. Турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатр қурилди. Бугунги маросимда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита объект ишга туширилди.

Булар «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма объектлари, «Янги Тошкент» 1-сон нимстанцияси, тригенерация станцияси, Савдо-саноат палатаси биноси, «Соҳил боғи» истироҳат боғи ҳамда 2 минг ўринли умумтаълим мактабидир.

Шунингдек, 18 километр автомобиль йўли барпо этилиб, 13 километр канализация ва 4,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Қирғоқ бўйлаб 10 километрлик «Соҳил боғи»да пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил қилинди. «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг илк босқичида қарийб 7 мингта хонадон қурилди.

Маросимда Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа хорижлик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган яна ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилди. Улардан бири юқори технологик маҳсулотлар ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Deep Tech park саноат ҳудудидир. Уни барпо этишга 320 миллион доллар йўналтирилади.

Келгусида бу ерда умумий қиймати 1,7 миллиард долларлик лойиҳалар жойлаштирилади. Янги Тошкентни пойтахт билан боғлаш учун Темур Малик кўчаси ва 4R12 автомобиль йўли ўртасида кўприк, йўл ўтказгич ва 10 километр йўл қурилади. Метро бекатлари билан туташган ер ости автотураргоҳини барпо этиш ҳам янги лойиҳалардан бири.

Умумий майдони 818 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган «Метрополис» бизнес-ситида офислар, меҳмонхона, турар жойлар ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади. Майдоннинг 500 минг квадрат метр қисми бизнес учун мўлжалланган. Бу ерда 1,5 минг нафар одамнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, «Silk City», «Мавж» ва «Маржон» турар жой мажмуалари ҳамда 120 ўринли Янги Тошкент марказий шифохонаси қурилади. Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар Янги Тошкентнинг бизнес, туризм ва маданият маркази сифатида шаклланишига хизмат қилишини таъкидлаб, шаҳар бунёдкорлигида иштирок этаётган қурувчилар, муҳандислар, лойиҳачилар ва хорижлик ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон