Йил охиригача Янги Тошкентда 20 мингта хонадон фойдаланишга топширилади
Мазкур ҳудудда уй-жой билан бир қаторда ҳордиқ чиқариш, спорт, савдо, таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам зарур шароитларни назарда тутиш кераклиги таъкидланди

Янги Тошкентда инвесторлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш тартиб-оидаларини соддалаштириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди президент Шавкат Мирзиёев очиқ мулоқотда.
Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас. Бу ер замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши керак, — деди президент.
Лекин ҳозиргача ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келаётгани таъкидланди. Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳитини яратиш дегани. Президент аҳолига дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари уйлар билан бир вақтда зарур бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, янги шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлади. Ташриф буюрувчилар учун меҳмонхона, кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларга эҳтиёжни аниқ ҳисоблаб, тадбиркорларга очиқ тақдим этиш вазифаси қўйилди.
Шаҳарнинг ишбилармонлик ҳаётини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши ҳам муҳим. Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари енгил конструкцияли биноларда ишламоқда. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун 9 та бино қуриляпти.
Қайд этилишича, бош вазирга қолган вазирликлар ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди. Зарур ҳолларда уларнинг пойтахтдаги мавжуд биноларини бузиб қайта қуриш ҳуқуқисиз, жорий таъмирлаб фойдаланиш шарти билан сотиш масаласи кўриб чиқилади.





