Тошкент метрополитени ер усти халқа метро йўналишининг 2-босқич қурилиши бўйича маълумот берди

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линиясининг 2-босқичини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар берди.

Фото: metrotashkent

Хабар берилишича, 2020 йилнинг декабрь ойида «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси томонидан ер усти ҳалқа метро линиясининг 2-босқичида 15 километрлик «Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт» участкасида қурилиш ишлари бошланган. Айни пайтда ушбу участка ҳудудларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, метронинг 2-босқичи 9-бекати Янги ҳаёт туманидаги Кўп тармоқли касалхона, Тошкент металлургия заводига яқин жойда қурилади.

Таъкидланишича, ҳозирда лойиҳанинг 2-босқичида, 538 та устундан 25 таси ўрнатилди, уларга босқичма-босқич ригеллар монтаж қилинмоқда. Ушбу участкада 3 минг 228 та балка ўрнатиш белгиланган бўлса, ҳозирда уларнинг 129 таси ўрнатилган.

«Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт» участкаси фойдаланишга топширилгач, бир кун давомида 46 минг йўловчи ташилиши режалаштирилган. 700 га яқин янги иш ўрни ҳам яратилади. Айни пайтда режага кўра барча қурилиш ишлари белгиланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилмоқда»,- дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент ҳалқа ер усти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлиб, мавжуд Ўзбекистон, Сергели, Чилонзор ҳамда Юнусобод йўналишларига тўғридан-тўғри уланади.

Янгиликлар