Ўзбекистонда жиноятни фош этиш фаолияти такомиллаштирилади

«Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, жиноятларни фош этиш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланади:

  • гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);
  • жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;
  • шахс амалда ушланган пайтдан бошлаб, тегишли мансабдор шахс у билан боғлиқ суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишдан олдин адвокат билан холи учрашувни таъминлаши шартлигини белгилаш;
  • айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш;
  • ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлиги маълум қилинган эди.

Янгиликлар