Ўзбекистонда нарх ошиши мумкин бўлган ҳудудларга қанча маҳсулотлар етказиб берилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда нархларни доимий ўрганилиши натижалари бўйича нарх ошиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга 220 минг тонна маҳсулотлар етказилиб, нархлар мўътадиллаштириб борилди. Бу ҳақда бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, Ўзбекистонда нарх ошиши мумкин бўлган ҳудудларга 220 минг тонна маҳсулотлар етказиб берилган. Шунингдек, деҳқон бозорларида 1 830 та раста ва савдо нуқтадан иборат озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркалари ташкил этилиб, уларда маҳсулотлар бошқа расталарга нисбатан арзон сотилмоқда.

«Кўрилаётган бу каби чоралар нархларнинг асоссиз ўсиб кетишини олдини олишга хизмат қилмоқда. Қиш-баҳор мавсумида захира тадбирларини ташкил этишнинг моддий асослари яратилиб, тасдиқланган графикка мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бугунги кун ҳолатига 791,4 минг тонна ёки режага нисбатан 99,6 фоиз асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси жамғарилди», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кичик экобозорларни ташкил этиш бўйича зарур ер майдони ажратилиб, тармоқ жадвалларига мувофиқ 10 декабрь ҳолатига уларнинг 363 таси фойдаланишга топширилган. Нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига нисбатан ўтказилган тадбирлар натижасида маҳсулотни қиммат сотилишининг олди олиниб, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилмоқда.

Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Янги йил байрами арафасида арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказиладиган жойлар белгиланиб, деҳқон-фермерларни бириктириш ишлари амалга оширилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича ишлар прокуратура органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

«Янги йил байрами арафасида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг вужудга келмаслиги ҳамда нархларнинг мўътадил сақланишини таъминлашга прокуратура органлари кафолат беради. Фуқаролар асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз равишда оширилиш ҳолатларига, шунингдек ишлаб чиқарувчилар, фермерлар,  деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари деҳқон бозорларида ўз маҳсулотларини сотишда турли тўсиқларга дуч келган тақдирда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг 71 233 10 07 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда ноябрь ойида энг қиммат ва энг арзон ош қаерда тайёрлангани маълум қилинган эди.