Ўзбекистонда вилоят ва туманларда ҳам автобус йўналишлари учун автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилади

АОКАда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов иштирокида брифинг ўтказилган. Брифингда вазир автоматлаштирилган тўлов тизимларининг 2021 йилдан вилоят ва туманларда йўлга қўйилишни маълум қилган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

«Тошкент шаҳрида 2020 йилдан метрополитен ва автобус йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизимини йўлга қўйдик. 2021 йилда эса буни барча вилоят марказлари ва туманларда ҳам йўлга қўйишни режа қиляпмиз», — дейди вазир.

Шунингдек, у йўналишсиз таксилар фаолиятини такомиллаштириш ҳақида сўз юритган:

«Биз ҳозир бу соҳада коррупцияга қарши курашиш ва яширин иқтисодиётнинг олдини олиш мақсадида йўналишсиз таксиларга бўлган талабни соддалаштириш устида ишлаяпмиз», – дейди вазир Илҳом Маҳкамов.

Бундан ташқари, у айни вақтдаги ишланма шу йилнинг 1 февралигача ҳужжат сифатида Вазирлар Маҳкамасига киритилади ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини таъкидлаган.

Аввалроқ Ўзбекистонда илк бор ерости автомобиль йўли қурилаиши ва Тошкент шаҳридан Фарғона водийсига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Tошкентдан Самарқандга «Afrosiyob» поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилиши маълум қилинган.

Янгиликлар