Япония коронавирусга қарши вакцинанинг миллион дозасини ташлаб юборишига тўғри келади
Нотўғри шприцлар туфайли миллионлаб японлар Pfizer компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдалана олмайди. Бу ҳақда «The Japan Times» нашри мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Норихиса Тамурага асосланиб хабар берди.
Таъкидланишича, ўтган ой ҳукумат ҳар бир ампулада олти доза препарат борлигидан келиб чиқиб, 72 миллион кишини эмлаш учун етарли миқдорда дозани олганини эълон қилганди. Бироқ Японияда ишлатиладиган стандарт шприцлар фақат бешта доза препаратни чиқариб олишга мўлжалланган.
Ҳукумат тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилардан махсус шприцлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни сўради. Ҳукумат матбуот котибининг сўзларига кўра, ампуладан чиқариб бўлмайдиган олтинчи дозани ташлаб юборишга тўғри келади.
Аввалроқ, Буюк Британияда коронавируснинг нечта янги мутациялари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.