«Ўзбекистон ҳудудида бу маош етарли» — UzAuto Motors раҳбари ходимларнинг маош борасидаги шикоятларига муносабат билдирди

6 март куни UzAuto Motors автомобилларини Ўзбекистон бўйлаб ташувчи автовозлар ҳайдовчилари иш ташлаш ўтказиб, маош камлигидан шикоят қилганди.

Фото: review.uz

Хабарга кўра, UzAuto Motors бош директори Рустам Ражабов ва «Ўзавтосаноат» Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров ходимларининг маош камлиги ҳақида фикр билдирди.

«Кореядаги 400 мингта автомобил ишлаб чиқарувчи GM заводида тўрт-беш минг одам ишлайди. Ишлаб чиқариш роботлаштирилган. Бизда кўпроқ ишчи ишлайди. Улардаги яшаш шароити, маошлари билан биздаги шароитни солиштириш қийин. Яна бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Бизда ишлаб чиқарилаётган Spark моделини олайлик. Айнан мана шу моделининг нархи бизда 7 минг АҚШ доллари бўлса, уларда анча қиммат.

Яқинда Nissan заводи мутахассислари ҳам Sparkнинг биздаги нархини кўриб ҳайрон қолишди. Улар: «Нега сизлар дунёда 10, 15 минг доллар атрофида сотиладиган Sparkни 7 минг доллардан сотяпсизлар», дейишган.

Мана шу жиҳатлари билан солиштирганда, бизнинг ва Кореядаги ишчиларнинг ойликлари деярли бир хил бўлади. Бизнинг мақсадимиз шундан иборатки, ишлаб чиқаришни кўпайтириб, сўнг ишчилар маошини кўпайтирмоқчимиз.

Мабодо заводни худди Кореядагидек автоматлаштирсак, ишчилар ойлиги кўтарилади, лекин уларнинг тенг ярмини ишдан бўшатишга тўғри келади», – деди «Ўзавтосаноат» Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров.

Раҳбар сифатида ходимларнинг ойлик маошлари миқдори билан танишиб тураман. Ходимлар нақд тўрт–беш миллион сўм ойлик олади. Ўзбекистон ҳудудида бу маош етарли.

Ишчиларимиз олдинлари намунали уйлардан олиб келишган бўлса, ҳозир мана Асакада Asaka City қуриляпти, уларнинг маоши рўзғоридан ошиб, мана шу мажмуадан кредит ҳисобига уй олишга ҳам етади», – дейди Рустам Ражабов.

Янгиликлар