Андижонда ҳокимликдаги танишлари орқали 2 гектар ер олиб беришни айтиб, эвазига 30 минг доллар сўраган мансабдор қўлга олинди

Андижон вилояти Асака туманидаги «Шарқ ҳақиқати» массиви раҳбари Ш.А. 15 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ш.А. ўзи раҳбарлик қилаётган массив ҳудудидан Асака туман ҳокимлиги мансабдор шахслари орқали 2 гектар ер майдони (иссиқхона қуриш учун) ажратиб бериш эвазига фуқаро Б.А.дан 30 000 АҚШ доллари талаб қилган. Талаб қилган пулнинг тенг ярмини санаб олаётганда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ва ДХХ ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинади.

Ҳолат юзасидан фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.А. гумондор тариқасида ҳибсга олинган.

Аввалроқ Фарғонада 39 миллион сўм пора эвазига масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бермоқчи бўлган адлия ходими ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар