Ливан ҳукумати норозилик намойишлари ортидан истеъфога чиқди

Ливан ҳукумати истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ҳамид Ҳасан LBC телеканали эфирида маълум қилди.

Учрашув якунланганидан сўнг оммавий ахборот воситалари мамлакат мудофаа вазирли Зейна Aкрнинг истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари, бир неча ҳукумат аъзолари аввалроқ худди шундай баёнот берган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг истеъфога чиқиши ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмаган. 10-август куни кечқурун бош вазир ушбу масала бўйича баёнот бериши кутилмоқда.

Ҳукуматнинг истеъфога чиқиши Ливан расмийлари Байрут аҳолисининг талабларидан бирини бажаришини англатади.

Намойишчилар парламентни тарқатиш ва ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. 7 август, жума куни тўрт вазирлик бинолари эгаллаб олинди. Aммо ҳарбийлар уларни ҳукумат биноларидан қувиб чиқарди. Ички ишлар вазирлиги хабарларига кўра, тартибсизликлар оқибатида бир хавфсизлик ходими ўлдирилган, 700 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, Байрутнинг порт мавзесида 4 август куни кучли портлаш юз берди. Ундан аввал яна бир кучсизроқ портлаш кузатилган. Иккинчи портлашнинг тўлқини кучи 3,3 магнитудали зилзилага тенг сейсмик тўлқинларни келтириб чиқарди. Бу ҳатто Ливандан 240 километр масофада жойлашган Кипрда ҳам сезилган.

Байрут шаҳарининг деярли 60 фоизи зарарлангани айтилмоқда. Кейинчалик берилган маълумотларга кўра, портлаш оқибатида юздан ортиқ одам ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар сони 4000 нафардан ортган. Қутқариш ишлари учун вертолётлар жалб қилинган.

Шавкат Мирзиёев Байрутда юз берган портлаш муносабати билан Ливан президентига ҳамдардлик билдирди.

Янгиликлар