Шавкат Мирзиёев йил охирига қадар Жанубий Кореяга ташриф буюриши мумкин

Шавкат Мирзиёев 2020 йил охиригача Жанубий Кореяга амалий ташриф билан бориши мумкин. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб «The Korea Times» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Режалаштирилган ташриф асосан COVID-19 туфайли кўчирилган эди. Аввалига сентябрь ойига режа қилинган ташриф тахминан декабрь ойига қолдирилган», — деган Корея Республикасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмийси. Манба маълумотига кўра, айни пайтда икки мамлакат ўртасида эркин савдо битими имзолаш масаласи кўриб чиқиляпти, бунинг иқтисодий таъсири ўрганилмоқда.

Хабарда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов 6—8 июль кунлари Сеулда бўлиб қайтгани, Корея Республикаси ҳукумати аъзолари ва бошқа қатор расмийлар билан бевосита учрашувлар ўтказгани хамда пандемия туфайли кўплаб ташрифлар бекор қилинган бўлса-да, Ўзбекистон томони делегациясининг мазкур расмий сафари амалга ошгани ўзига хос маънога эга экани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг апрелида Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонга уч кунлик давлат ташрифи билан келган эди.

Маълумот учун, Жанубий Корея—Хитой, Россия ва Қозоғистондан кейин Ўзбекистоннинг тўртинчи энг йирик савдо ҳамкори саналади. 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 7,3 фоизи Корея Республикасига тўғри келган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлагани ва телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар