Самарқандда 3,5 грамм гиёҳвандлик моддасини 760 минг сўмга сотган шахс 6 йилга қамалди

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида 3,5 грамм гиёҳвандлик моддасини 760 минг сўмга сотган шахс 6 йил 1 ойга қамалди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судяси Зарифа Aхмедова «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳар суд биносида Каттақўрғон шаҳридаги 7-сонли тергов ҳибсхонаси иштирокида видеоконференцалоқа тартибида судя Зарифа Aхмедова, халқ маслаҳатчилари Г.Хамраева ва М.Уруновалар, судя ёрдамчиси З.Файзиев, Самарқанд шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ж.Aвазхонов, судланувчи Султон Маматқулов ва адвокат Т.Султонов иштирокида судланувчи М.С.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган.

Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига қарашли «Саври-ёғоч» қабристонида қоровул бўлиб ишлаган судланувчи М.С.га нисбатан 14 февралдан бошлаб Жиноят кодексининг 139-модаси 3-қисми «а» ва «г» бандлари, 273-моддаси 5-қисми, 25-моддаси ҳамда 273-моддаси 5-қисми билан айбланганиши оқибатида қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Судланувчи Султон Маматқулов 13 февраль куни Самарқанд шаҳар «Саври-ёғоч» қабристони ҳудудидан 8 та конвалютадаги 80 дона таблеткадан иборат вазни 4 грамм бўлган «Трамадол Ланнахр 50 мг» номли гиёҳвандлик воситасини топиб олган. Шундан 7 та конвалютадаги 70 дона таблеткадан иборат жами вазни 3,5 грамм бўлган гиёҳвандлик воситасини 13 февраль куни Самарқанд шаҳар Зебинисо кўчасида яшовчи танишига 760 000 сўмга сотган.

Сўнгра судланувчи танишига гиёҳвандлик воситаларини сотишда гумон қилиниб, вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси маъмурий биносига олиб келинган. Шахсий тинтув қилинганида ёнидан сотганидан сўнг қолган 1 та конвалютадаги 10 дона таблеткадан иборат жами вазни 0,5 грамм гиёҳвандлик воситаси топилган ва далилий ашё сифатида олинган.

М.С.га Жиноят кодексининг 59-моддаси асосан 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчига жазони ўташ муддати 14 февралдан бошлаб ҳисобланиши ва жазони умумий тартибли колониялдарда ўташи белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жомбойда укасини ўроқ билан ўлдирган шахс 15 йилга, Булунғурда маст ҳолда ўз амакисини кетмон билан чопиб ўлдирган эркак 16 йилга, Самарқандда ЙПХ инспекторига бўйсунмай, транспортни хавфли тарзда бошқарган ҳайдовчи 6 суткага, Хўжаободда 4 ёшли қизининг ўлимига сабаб бўлган она 4 йилга ҳамда Тошкентда 5 ёшли қизини ўлдириб, мурдасини ўчоқда ёқиб, кейин дарёга ташлаган она 13 йилга қамалгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар