Хонанда Санжай ўзбеклар ўртасида бирдамлик йўқлигини айтгани учун танқид қилинди (видео)

Таниқли қўшиқчи Санжай YouTube’даги «Chotki TV» каналига берган интервьюсида ўзбек миллатининг камчиликлари нимада эканини айтди.

Кадр: YouTube

Интервьюда хонанда ўзбекларнинг бирдам эмаслиги, 5—6 талаб машинаси борларнинг эса камбағаллар билан иши йўқлигини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, у бирдамлик борасида чеченларни эслаб, Москвада ўтган ҳаёти давомида бу миллат вакиллари бир-бирларига ёрдам беришини ўрнак қилиб кўрсатган.

«Биласизми, Ўзбекистондаги энг катта камчилик нима? Бирлик йўқ. Иттифоқ йўқ. Мен ҳозир сизга мисол келтираман. Москвада деярли 15 йилдан бери яшайман. У ерда чеченлар билан яшаб, уларнинг урф-одатларини ўрганганман. Мен ўзбеклар ва чеченларни таққосламоқчиман. Ўзбекистон аҳолиси 30 миллион кишини ташкил қилади. Дунё бўйлаб эса 3 миллион чеченлар бор. Москвада яшаганимда у ерда 5 миллионга яқин ўзбеклар, кўпи билан 100—200 минг чеченлар бор эди.

Агар бирор келишув бошланадиган бўлса, унда бу 100 минг чеченларнинг барчаси бирдан ‘оёққа туришади’. Аммо ўзбеклардан 100 киши ҳам келмайди. Нега ҳамма чеченлардан қўрқади? Чунки улар бирлашадилар. Амир Темур ‘Куч бирликда’ деб айтган эди. Сизга ёқадими ёки йўқ, бу — ҳақиқат. Агар биз яна бирлашсак, унда Ўзбекистон аҳолиси ҳеч қачон Россияда ифлос ишларни қилмайди, улар фаррош сифатида ишламайди. Шунинг учун сиз ўз ватанингизда бирлашишингиз керак. Агар Ўзбикистонда Россияга бориш учун кимдир қариндошларидан пул сўраса, унга ҳеч ким пул бермайди. Бирлик йўқ», — дейди Санжай.

Шунингдек, хонанда мамлакатдаги ижтимоий тенгсизлик ҳақида гапирган.

«Баъзиларда 5—6 та ‘Malibu’ бор, нега бундай бўлиши керак? Нимани ‘тузлаб’ ўтирмоқчисиз? Яхшиси, беш қаватли қасрлар қуриш ўрнига бошқаларга ёрдам беринг. Бир хонали квартирага муҳтож одамлар бор-ку», — деди у.

Хонанданинг сўзлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида муҳокамага сабаб бўлди. Улардан баъзилари хонандага видеомурожаат ҳам йўллаган.

«Кеча бизнинг миллатни ёмонлаган видеонгиз тарқаб кетибди. Миллатимиз сизга ёқмай қолдими? Чеченлар зўрмикан, кетаверинг унда. Сиз аввал бирлик нима эканлигини билиб олинг. Иккита кучук уришса, унга ҳамма бориб қўшилиши бирлик эмас. Карантин пайтида ҳам халқимиз пул йиғиб, муҳтожларни уй ва озиқ-овқат билан таъминлаяпти. Бирлик бу жанжал бўлганда унга қўшилиш эмас», — дейди фойдаланувчилардан бири.

https://www.instagram.com/p/CHSAZf8pklz/?utm_source=ig_web_button_share_sheet

Бошқа бир фойдаланувчи ҳам хонанданинг сўзларига муносабат билдирган ва ўзбек халқи қандай бирлашишни билишини таъкидлади. Шунингдек, у худди шу одамлар туфайли Санжай лицензия олганини эслатиб ўтган. Мурожаатни хонанда ўзининг саҳифасида ҳам улашган.

https://www.instagram.com/tv/CHZ2w-rpgho/?utm_source=ig_web_button_share_sheet

Санжай, шунингдек, берган интервьюсида соқоли туфайли ижодий иш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслигини, телевизорга чиқишига «тақиқ» борлигини айтган:

«Улар (телеканал раҳбарларини назарда тутиб) қўрқишади. Бу — ёзилмаган қонун. Уларга қўнғироқ қилиб, ‘экранда соқоли бор одамни кўрсам, сизнинг каналингизни ёпаман’ дейишади. Ва кейин нима қилишлари керак? Албатта, улар мендан воз кечишади, чунки бошқа соқолсиз ижодкорларни топиш қийин эмас», — деди у.

Кадр: YouTube

Шунингдек, хонанда ўзбек тилида жаҳон хитини яратиш истаги борлиги ҳақида гапирган.

Аввалроқ Instagram’да Асал Шодиеванинг келишган қомати муҳокама қилингани, ўзбек шоу-бизнес вакиллари Instagram’даги рекламадан қанча даромад олиши маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, актриса Зарина Низомиддинова фарзандининг отаси ва Москвадаги ҳаёти ҳақида гапирган эди.

Янгиликлар