Нурсултон Назарбоевнинг қизи Лондондаги Шерлок Холмс уйига эгалик қилиши маълум бўлди

Қозоғизстоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева Лондондаги Шерлок Холмс уйига эгалик қилиши маълум бўлди. Бу ҳақда «Times» нашри мулк эгалик тузилмаси тўғрисидаги ёзишмаларга асосланиб хабар берди.

Фото: «Wikimedia»

Маълум қилинишича, Лондон шаҳрининг Бейкер кўчасидаги мулк 2015 йилдан бери Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева ва унинг ўғли Нурали Алиевга тегишли бўлган.

Фото: «Elgezit»

Нашрнинг ёзишича, Шерлок Холмснинг уйидан ташқари Назарбоевлар оиласи яна бир қанча бинолар ҳамда Бейкер кўчасидаги 215 ва 237-уйлар орасидаги ер майдонларига эгалик қилади. Мулкнинг умумий қиймати, тахминан, 140 миллион фунт стерлингга баҳоланмоқда. Шунингдек, мулкнинг 90 фоизи Назарбоева ва қолган 10 фоизи ўғлининг номидалиги қайд этилган.

Ер реестрига кўра, мулк амалдаги расмий эгаси «Farmont Baker Street Limited» компанияси томонидан 2005 йилда сотиб олинган. Лекин эндиликда мулкка Бирлашган Араб Амирликларининг бошқа компанияси эгалик қилади. Назарбоевлар оиласининг вакили бўлган «Mishcon de Reya» юридик фирмаси нашр маълумотларига изоҳ бермаган.

Аввалроқ Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев Лондонда вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.