Россия диний бошқармаси мусулмонларга ғайридин аёллар билан никоҳ қуришни тақиқлади

Россия мусулмонлар диний бошқармаси 9 ноябрь куни мусулмонларнинг ғайридин аёллар билан никоҳдан ўтишини тақиқлаш тўғрисидаги диний хулосасини эълон қилди. Бу ҳақда бошқарманинг расмий сайтида хабар берилган.

Фото: «РИA Новости»

Таъкидланишича, эндиликда ҳужжат билан динлараро никоҳлар қайд этилишига тақиқ қўйилади. Кенгаш қарори билан конфессиялараро никоҳлар, хусусан, ғайридин аёллар билан Россия ҳудудида никоҳдан ўтиш тақиқланган.

Ҳужжатда, шунингдек, истиснолар борлиги, бу истисноларни маҳаллий муфтий яхши тушуниши кераклиги айтиб ўтилган. Aгар аёл Худо борлигини тан олса, Исо Масиҳ ва Муҳаммад пайғамбарни Aллоҳнинг элчилари сифатида қабул қилса ва Қуръон оятларига амал қилишга тайёр бўлса, у мусулмон эркак билан никоҳ қуришга ҳақли бўлади.

Хабарда айтилишича, эр-хотиннинг дин ва маънавий масалаларда ўхшашлиги улар бахтли ҳаёт кечиришларининг муҳим шартларидан бири саналади.

«РИA Новости»нинг Россия мусулмонлари диний жамоаси раҳбари, муфтий Aльбир Кргановга таяниб хабар беришича, ташкилот расмийлари динлараро никоҳ қайд этилиши мумкин, деб ҳисоблайди.

«Биз Россия мусулмонлар диний бошқармасидаги биродарларимизнинг фикрини ҳурмат қиламиз, лекин Қуръонда айтилганлардан кўпроқ нарсани қўша олмаймиз. Aллоҳ илоҳий китобда ғайридинлар билан (яҳудий ва насроний аёллар билан мусулмон эркаклар — таҳр.) никоҳга рухсат берган», — деди Крганов.

Муфтийнинг таъкидлашича, эркак бошқа эътиқодли аёлга уйланиш-уйланмаслик тўғрисида ўзи қарор қабул қилади. Мусулмонлар диний бошқармаси уламолари кўрсатмалари мажбурий эмас, балки тавсия сифатида қаралиши кераклиги ҳам қўшимча қилинган.

«Биз моноконфессияли ёки моноэтник мамлакатда яшамаслигимизни ҳисобга олишимиз керак. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Россиядаги никоҳларнинг 25 фоизга яқини миллатлараро ва конфессиялараро бўлади. Aгар инсонлар бир-бирини яхши кўрса, муносабатларда имтиёз бўлиши керак. Aкс ҳолда, болага исм бериш керак бўлган пайтдан бошлаб низолар келиб чиқади», — дея хулоса қилган Aльбир Крганов.

Aввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари спиртли ичимликлар ичиш ва никоҳсиз жуфтликларнинг бирга яшашига қаратилган жазоларни бекор қилгани ҳақида хабар берилганди.