АҚШ Рамзан Қодировнинг атрофидагиларни ҳам «қора рўйхат»га киритди

Чеченистоннинг «Аҳмад» футбол клуби, Аҳмад Қодиров номидаги жамғарма ҳамда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан боғлиқ бир нечта ташкилотлар АҚШ Молия вазирлиги томонидан 10 декабрь, пайшанба куни «қора рўйхат»га киритилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Таъкидланишича, мамлакат Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган рўйхатга «Absolute Championship Akhmat» компанияси, «Аҳмад» кураш клуби, «Чечен минерал сувлари» ва «Мегастройинвест» компаниялари ҳам кирган. Шунингдек, улар орасида беш нафар шахс, жумладан, Рамзан Қодировга қарашли отлар бўйича мураббий Симар Сатиш ҳам бор.

Ўз навбатида, Чеченистон раҳбари бундай ҳолат инсоният тарихида ҳали бўлмагани, киритилган санкциялар абсурд нарса эканини таъкидлаган. «Америка спортга, спортчиларга, аёлларга, болаларга, хайрия ташкилотларига ва ҳатто отларга қарши курашишни бошлабди. Инсоният тарихида бундан-да бемаънироқ нарса бўлмаган», — деб ёзган Қодиров ўзининг Telegram’даги каналида.

Маълумот учун, Чеченистон раҳбарининг ўзи инсон ҳуқуқларини бузишда айбланиб, «Магнитский акти»га кўра 2017 йил декабрь ойида «қора рўйхат»га тушган эди. Акт 2012 йилда қабул қилинган бўлиб, у Россияда инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадорларга нисбатан санкция қўллашни кўзда тутади.

Аввалроқ АҚШ Хитойга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтиргани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Вашингтон Хитойнинг 14 га яқин амалдорига санкциялар киритишни режалаштирган.

Янгиликлар