Бош вазир ўринбосари Япония элчисидан пуллик йўллар қуриш бўйича ҳамкорлик таклифини кутиб қолишини айтди

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Япония элчиси билан бўлиб ўтган учрашувда ундан пуллик йўллар қуриш бўйича ҳамкорлик таклифини кутиб қолишини билдирди. Бу ҳақда Telegram’даги Расмий хабарлар каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 10 декабрь куни Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ва Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор елчиси Ёшинори Фужияма ўртасида онлайн суҳбат бўлиб ўтган.

«Япония томони Президент Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида унумдорликни ошириш борасидаги изчил лойиҳаларни такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларига қизиқиш билдириб, соҳада ҳамкорликни янада ривожлантирувчи лойиҳалар бўйича ишлаш таклифини билдирди. Ўзбекистон томони Япония давлати шу кунгача мавжуд лойиҳалар билан чекланиб қолмасдан, бир қатор янги соҳа ва лойиҳалар, жумладан, инсон капиталини ривожлантириш, IT соҳаси, сунъий интеллект, Бангладешда Япония қурган пуллик йўллар каби лойиҳалар ва бошқа инфратузилмалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида таклиф кутиб қолишини билдирди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус вакцинасини Ўзбекистонга олиб келган Россия саноат ва савдо вазирини қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президентини Тоғли Қорабоғда уруш тугагани билан табриклаган.

Янгиликлар